“Бу жойдан кўплар манфаатдор” – Қувада ногирон аёлнинг раҳматли эридан қолган уй-жойини ҳокимият тортиб оляпти. EFFECT.UZ суриштируви (1-қисм)


“Бу жойдан кўплар манфаатдор” – Қувада ногирон аёлнинг раҳматли эридан қолган уй-жойини ҳокимият тортиб оляпти. EFFECT.UZ суриштируви (1-қисм)

EFFECT.UZ
“Бу жойдан кўплар манфаатдор” – Қувада ногирон аёлнинг раҳматли эридан қолган уй-жойини ҳокимият тортиб оляпти. EFFECT.UZ суриштируви (1-қисм)

EFFECT.UZ интернет-нашрига Фарғона вилояти Қува тумани Тошкент МФЙ Мурувват кўчаси 28-уйда яшовчи фуқаро Маҳбуба Холматова мурожаат қилди. Мурожаатчининг айтишича, 25 йилдан бери 4 ўғли билан яшаётган уй сабабсиз ҳокимият томонидан тортиб олиниб, тадбиркорга бериб юборилиши мумкин.

Маҳбуба Холматова

Ушбу жойнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиб, жой Маҳбуба Холматовага тегишли эканлиги ҳужжатларда кўрсатилган бўлса ҳам, расмий идора вакиллари томонидан фуқарога тегишли уй-жойнинг ҳужжат масаласи расмийлаштириш жараёни 3 йил давомида ҳам қонуний ҳал этилмаган. Мурожаатчи ўзига бўлган ноҳақликлардан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилган.

Айтилишича, Шуҳрат Ғаниев аралашуви натижасида ўтказилган суд бўлиб ўтган, унда уй-жой масаласи ҳокимиятдан нолиётган фуқаро фойдасига ишлаган. Ҳокимият эса бу можарода мағлуб бўлиб, бахтга қарши кўзлаган мақсадига етолмасдан доғда қолган. Устига-устак, шундан кейин фуқарога олдингидан ҳам юқори босим ўтказилган. Ҳокимият вакиллари уч сўзнинг бирида бу ер барибир қачондир тадбиркорларга ўтиб кетишини айтиб келишган.

Маҳбуба Холматова ва унинг фарзандлари

EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев томонидан ўтказилган журналистик суриштирув давомида Қува тумани Тошкент МФЙ Мурувват кўчаси 28-уйда яшовчи Холматова Маҳбуба Абдумуталовнанинг мурожаатига тегишли бўлган хат-ҳужжатлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида EFFECT.UZ оператори 13 май куни номаълум шахслар томонидан ҳужумга учради.

EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев

Ўйлаймизки, бу ҳужум тафсилотларидан яхши хабардорсиз. Бу ҳақда батафсил журналист йиққан видеолавҳалар давомида танишиб боришингиз мумкин бўлади.

Маҳбуба Холматова Қува тумани ҳокимлигида

Қуйидаги видеода EFFECT.UZ журналисти Элёр Тожибоев Қува тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари билан суҳбати ҳамда журналист суриштирувининг дастлабки қисмини томоша қилишингиз мумкин.

Маълум бўлишича, 2016 йилнинг 16 ноябр куни Маҳбуба Холматова марҳум турмуш ўртоғи Пўлат Ваҳобовга тегишли бўлган ва ҳозирги кунда яшаётган Қува тумани Тошкент МФЙ Мурувват кўчаси 28-уйни кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришни сўраб, №3/2644-сонли ариза билан Фарғона вилояти “Ермулккадастр” ДУК Қува тумани филиалига мурожаат этган.

Мазкур аризага асосан “Ермулккадастр” Қува тумани масъул ходимлари хонадонга келиб, ўлчов ишларини амалга оширган. “Ермулккадастр” ходимлари марҳум Пўлат Ваҳобовга тегишли бўлган Мурувват кўчаси 28-уйнинг ер майдони 1632 кв.метрни ташкил этили белгиланиб, у ерда қурилган барча бино ва иншоотларни кадастр схемасига киритиб, янги кадастр йиғма жилдини тайёрлаб беришган.

Мазкур кадастр ҳужжатидаги бино ва иншоотлар ҳамда ер майдони бўйича Маҳбуба Холматова ҳозирги кунгача барча солиқ тўловларини амалга ошириб келган.

Маҳбуба Холматова

Сўнг М.Ҳолматова марҳум турмуш ўртоғи П.Ваҳобовга тегишли бўлган ушбу хонадонни ўз номига расмийлаштириш мақсадида бир неча маротаба Қува тумани ҳокимияти ва бошқа мутассади идораларга мурожаат этган вақтда, унга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилмаган.

Ажабланарлиси, Қува тумани ҳокимлиги М.Холматованинг марҳум турмуш ўртоғига тегишли бўлган хонадонда кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлишига қарамасдан, “Холматова Маҳбуба Мурувват кўчаси 28-уйда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриб олганлиги учун мажбурий тартибда буздириш тўғрисида” фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризасини киритган. Сўнг суд томонидан ҳал қилув қарори ва кассация ажримида “Қува тумани хокимлигининг даъвоси қаноатлантирилиб, М.Холматовага ўзбошимчалик билан қурган бино иншоотни бузиш мажбурияти” юкланган.

2019 йилнинг 15 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ўтказган сайёр қабулида фуқаро М.Холматованинг аризаси кўриб чиқилиб, ФИБ Фарғона туманлараро судига “йўл қўйган камчилик ва хатоларни тўғрилаш тўғрисида” кўрсатма берилган.

Шундан, сўнг ҳам 2020 йилнинг феврал ойида ФИБ Фарғона туманлараро суди томонидан Қува тумани ҳокимлигини даъвоси қайтадан кўриб чиқилиб, “М.Холматова ўзбошимчалик билан кўриб олган бино иншоотлар бузилсин” дея ҳал қилув қарори чиқарилган. Ҳозирда мазкур қарор юзасидан М.Холматова ФИБ Фарғона вилояти судига аппеляция тартибида шикоят келтирган.

Лекин шу ўринда бир нечта саволлар жавобсиз қолмоқда:

  1. Ер майдони расман марҳум П.Ваҳобовга тегишли бўлган ва шунинг учун М.Холматова турмуш ўртоғининг қонуний меросхўри ҳисобланади. Нима учун Қува тумани хокимлиги ва мутассади ташкилотлар М.Холматованинг эгалик ҳуқуқи борлигини била туриб, унга ҳозиргача бирор тайинли маълумот беришмаяпти ва нотариус орқали меросни расмийлаштиришга йўл қўйиб беришмаяпти?
  2. “Ермулккадастр” Қува тумани филиали 2016 йил 13 ноябр куни Мурувват кўчаси 28-уйга тайёрлаган кадастр ҳужжатида барча бино-иншоотларни схемага киритиб кетган бўлса, ушбу ўлчовлар асосида фуқаро М.Холматова ер ва мулк солиғини тўлаб келган бўлса, кадастр схемасидаги кўрсатилган бино-иншоотлардан ташқари фуқаро М.Ҳолматова бошқа бино-иншоот қурмаган бўлса, унда қандай қилиб ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоот ҳисобланади?
  3. Дейлик, “М.Холматова ўзбошимчалик билан бино-иншоотни қурган бўлса, лекин кадастр ҳужжатида кўрсатилган 1632 кв. метр ер майдони расман марҳум П.Ваҳобовга тегишли бўлган. Нима учун бу вазиятда Қува тумани хокимлиги марҳум П.Ваҳобов эгалигидаги ерни ҳали давлат ихтиёрига ўтказмасдан туриб, ҳамда марҳум П.Ваҳобов томонидан қурилган бино-иншоотларни тан олмасдан, “М.Холматова ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб бино-иншоотларни қурган” деб даъво киритмоқда?

Мурувват кўчаси 28-уй марҳум П.Ваҳобовни шахсий мулки ҳисобланган, унинг турмуш ўртоғи М.Холматова эса унинг қонуний меросхўри ва юқорида айтилганидек, ҳозиргача барча тўловларни амалга ошириб келмоқда.

Бундан ташқари, Қува ҳокимлиги М.Холматованинг ногиронлиги, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи вафот этгани, ҳозирда ушбу бинода кутубхона ва чевархона очиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини умуман инобатга олмаган.

Маҳбуба Холматованинг қонуний вакили ва EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев

Шунингдек, EFFECT.UZ мухбири Қува тумани ҳокими қурилиш масалалари бўйича биринчи-ўринбосари билан ўтказган интервьюсида “мутассади раҳбар” видеотасмага “бу жойдан кўп манфаатдорлар бор” деган иддаоси ҳам ёзиб олинган. Бу билан у нима демоқчи бўлган?

Қува тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари

Сабабини тахмин қилиб кўрамиз: М.Холматова ҳокимият билан тортишаётган хонадони ҳозирда Қува тумани марказий бозори билан ёнма-ён жойлашган ва шу сабабдан савдо бино-иншоотлари қуриш ҳамда тадбиркорлик ишларини олиб бориш учун жуда ҳам “гўштли жой” ҳисобланади.

Қува тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси

EFFECT.UZ ушбу масала бўйича Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга юзланиб, Бош прокуратурага журналистик ўрганиш тафсилотларини етказди. Бош прокуратурадан оқилона ёндашув кутиб қолинади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” қураётган бир вақтда эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, тадбиркорликни ривожлантириш, боқувчисиз қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, давлат эҳтиёжлари учун захирага олинадиган ер ва мулк эгаларини компенсациясини тўлаб кейин бузиш, карантин пайтида аҳолини норозилигига олиб келувчи омилларни содир бўлишини олдини олиш чораларига Қува тумани ҳокимлиги кўз юмаётгани ва масалага панжа ортидан қараётгани албатта, ачинарли ҳолат.

Қўшимча маълумот учун, айнан ушбу мурожаат ўрганилаётган пайтда EFFECT.UZ оператори Қува туманида номаълум шахслар томонидан ҳужумга учради. Машина ойнаси тош билан уриб синдирилди, таҳририят мулки бўлган видеокамера олиб қочилди.

Қува тумани ҳокимлиги “заказной” ҳужум бизники эмас деб турган бир паллада, ўша номаълум шахслар видеокамера ичидаги флешкартадан ҳокимиятга тегишли кадрларни ўчириб юборилди. Бўлиб ўтган воқеалар жараёнини кузатган ҳар бир онгли одам ушбу вазиятдан ҳокимият қанчалик манфаатдор эканлигини пайқаб олиши қийин эмас.

Зеро, тан олиш керак, “қўрқоқ олдин мушт кўтарар” қабилида иш тутган Қува ҳокимлиги каби ҳокимиятлар бунгача қанча фуқароларнинг шўрини қуритган. Яна бир бор афсуслар бўлсинки, бундай номардликлар ҳали ҳамон кўз олдимизда давом этиб келмоқда.

“Бу жойдан кўплар манфаатдор” – Қувада ногирон аёлнинг раҳматли эридан қолган уй-жойини ҳокимият тортиб оляпти. EFFECT.UZ суриштируви (1-қисм)
writer

BATAFSIL BU SAHIFADAN TOPASIZ
Author: writer

Related Post

Ўзбекистонда карантин!

Жорий йилнинг 19 апрель куни Республика махсус комиссиянинг 2020 йил 20 апрелгача киритилган чекловчи тадбирлари… The post Ўзбекистонда карантин! appeared first on EFFECT.UZ.

Қадр кечасида нимани талаб қилиш керак?

Қадр кечасида нимани талаб қилиш керак? Абдулҳамид ибн Бадис роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсон “Қадр кечаси”ни топишга жидду жаҳд қилади. Бироқ бу ҳаракат дунё талабида эмас, дин талабида бўлиши лозим. Кўпчилик инсонлар“Қадр

Ўзбекистон туманидаги автоҳалокатда бир киши ҳалок бўлди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 8 апрель куни Х.Ў. бошқарувида бўлган “Damas” русумли автомашинани Дўстларобод қишлоғи… The post Ўзбекистон туманидаги автоҳалокатда бир киши ҳалок бўлди appeared first on EFFECT.UZ.